Бир ожиза номидан
Кўнглингиздан қувилган бир ёрман бугун.
Меҳрингизга тўймаган бир зорман бугун.
Бегонадек бўлолмаган хорман бугун,
Сиз ўзгани танласангиз нетай бегим?!
Пойингизга сочим тўшай, пояндоз денг.
Корингизга оташ бўлай, хокандоз денг.
Зўрингизга мен зор ўлай, бу ҳам ноз денг,
Кетган ёрим, келмай мени йўқланг бегим.
Алишсангиз кўндим. Нетай? Жоним фидо.
Куйдирмайин куйдим. Нетай? Чиқмас нидо.
Кўнглингизни кўчасида бўлсам адо,
Маҳшар куни фақат мени йўқланг бегим.
Кўнглингизга боқинг бегим, кетинг майли,
Ёрингизга ёкинг бегим, замон зайли,
Мендан гина қилмай кетинг, тақдир айри.
Никоҳ хаққи. Жаннатда бир йўқланг бегим.
Остонангиз бўлай майли, йўқлаб кетинг.
Алдаб кетинг, қолай, кўнглим тўқлаб кетинг.
Кетинг майли, номардлардан сақлаб кетинг,
Жаннатларда фақат мени йўқланг бегим.
17.08.2016 йил.