Ассалому алайкум эй аҳли муҳаббат ва аҳли ишқ!
Аввалам бор сизларга Нафосат саҳифасига, муҳаббат бўстонига қилган ташрифингиз учун ташаккур изҳор қиламан. Сизнинг сабрингизга ва иштиёқингизга таҳсинлар айтаман.
Ҳар куни сиз азиз мухлислардан, муҳаббат шайдоларидан, кўнгил дўстларидан хабарлар оламан. Кимдир дўст қидиради, кимдир ширин сўз, яна бири ишқ дардига бўлган мубтало. Яна бири ҳижронларда азоб чекади, яна бирин хиёнатдан қалби дилпора. Бири асли ёқ деб севги-муҳаббат, яна дардим бор деб менга дардин тўкади. Яна бири муҳаббатга айтиб тасанно, мақтовларин унга атаб менга битади.
Минг афсуски, уларнинг дил сўзлари битилган хатларига алоҳида-алоҳида жавоб бериш учун фурсат топа олмайман. Наинки, ҳар бир фурсат ғанимат эканлигини билсамда. Шу сабабли, менинг очиқ жавобим сизни хафа қилиб қўймаса деб қўрқаман.
Муҳаббат излаган, ундан азоб чеккан, уни қўмсаган, уни тарк этган, ёинки ишни сароб ҳис этган қалблар учун очиқ хат билан жавоб бермоқчиман.
Хулоса чиқариш эса сизга ҳавола.
Байт:
Муҳаббат боғига ташлаб бир нигоҳ
Хаёлим йўқотдим, ақлим паришон.
Севмаган қалбларни этайин огоҳ,
Занжирбанд қул каби юрибман ҳамон!
Мен бир донишманд инсон билан суҳбатлашиб, Муҳаббат ҳақида жуда гўзал бир тушунчага эга бўлган эдим. Балки бу фалсафа сизга ҳам фойда келтирса ажаб эмас.
Муҳаббат нима, у қачон келади, қандай кўринишга эга?
Илк муҳаббат тушунчаси нимани англатади?.
Боқий муҳаббатчи?
Муҳаббат қанчалар нисбий, қанчалар мавҳум.
Гўдакнинг илк муҳаббати онага бўлади. Гўдак учун она меҳри, она сути қадрлироқ.
Болакай яқин инсонига, устозига, тенгдошига муҳаббат изҳор қилади. Унинг учун билим олмоқ, дунёга қадам қўймоқ қадрлидир.
Ўспирин йигит ёки қиз яқин тенгдошига, дўстига, қўшнисига кўнгил қўяди. Улар учун сирли учрашувлар, ширин орзулар, орзу-ҳавас қизиқроқдир. Уларга изтиробдан гапирманг, токи илк муҳаббати изтиробларни ҳис қилмасин.
Балоғатга етган йигит-қизлар эса бошқа жинс вакилига, гўзалликка ва эҳтиросга муҳаббат изҳор қиладилар.
Уларнинг жисми, ўй-хаёллари, туриш-турмуши оловли муҳаббатни, севги изтиробларини излайди. Уларнинг кўз олдини туман қоплайди. Ширин бўсалар соғинчи, қалбларнинг бирлашуви ҳисси, тананинг илиқ ҳарорати уларни бир тану, бир жон бўлишга ундайди. Улар учун гўё бу дунёда бошқа инсон йўқдай. Улар гўзалликни, эҳтиросни ва лаззатни севги деб атайдилар. Бир онлик айрилиқни ҳижрон азобига тенглаштирадилар. Бир оғиз хатоликни хиёнат деб биладилар. Жўш ураётган қайноқ қон кўзни кўр қилиб, тилни гунг айлайди. Улар бир-бирининг жамолидан бошқа нарсани кўрмайдилар, бир-бирининг сўзидан бошқанинг сўзини тингламайдилар. Балки оташин муҳаббат айнан шундай бўлиши керакдир?
Байт:
Севгимни йўқотсам ўламан дерлар.
Лек чиндан айтади бу гапларни тил.
Бирини йўқотмай туриб бошқасин
Севганча ошиқлар яшарлар юз йил!
Навқирон эркак ва ёки аёл учун бу эҳтирослар, илиқ бўсалар, уйқусиз тунлар, бир бирининг оғушидаги тотли лаҳзалар янгилик эмас. Улар учун муҳаббат, бир-бирига бўлган садоқат, меҳр ва кўмак муҳимроқдир. Уларнинг оила ташвишлари, интилишлари, ҳаёт мақсадлари бир. Улар эҳтиросдан кўр бўлмайдилар, улар ҳаётга очиқ кўз билан боқадилар. Улар бир бирларига керак ва зарур. Уларнинг иши бир бирисиз битмайди, бирининг ишига бошқаси кўмак бўлади, бир-бирига маслаҳатчи бўладилар. Балки асл муҳаббат уларнинг ёшида пайдо бўлар?
Байт:
Ишқ ўтида икки юрак бўлди хароб,
Бирига зах, бирига дўст бўлди шароб.
Эй Алишер, бу дунёда ишқида ким
Обрў топса ҳамки баъзан бўлди сароб.
Билмадим, балки биз ҳам Аллоҳ насиб қилса кексалик гаштини сурармиз.
Кексалар дуо қиладилар: Аллоҳ мени қариганимда ёлғизлатиб қўймасин деб.
Кексалар дуо қиладилар: Қўша қаринглар деб.
Кексалар дуо қиладилар: Мени чолимдан, кампиримдан ортда қолдирма деб.
Бу сатрларни ёзар эканман, бўғзимга алла нима тиқилади: Мана шу муҳаббат эмасми? Уларга нима кераги бор энди орзу ҳавасларни? Орзулари ушалгани шу эмасми? Улар энди ота-она меҳрига муҳтож эмаслар, бу меҳрни энди улар берадилар. Уларга сирли учрашувлар, тотли суҳбатлар керк эмасдир балки? Уларга не ҳожат эҳтиросли бўсалару, қайноқ қучоқлар? Балки кўзларида умид, меҳр ва илиқлик сезмоқ осон эмасми? Гўдак улғайиб онасини унутади, ўспиринлар аразлашади, бўйдоқлар керак бўлса бошқасини топади, навқиронлари ўз ҳаётини ўзлари белгилайдилар.
Лекин кексаларчи? Улар бир бирга араз қилишдан, бир биридан узоқлашишдан, бир-бирига хиёнат қилишдан, бир-бирини унутишда, бир-бирини йўқотишдан қўрқадилар. Токи, улар муҳаббатини йўқотсалар дунё охир замон бўладигандек.
Уларнинг муҳаббатини Аллоҳга бўлган муҳаббатга тенгласак муболаға бўлмас. Токи Аллоҳга муҳаббат унинг бандасига бўлган муҳаббатдан бошланар.
Эй аҳли муҳаббат!
Балки бу мисралар сизга зерикарлидир. Лекин ўйлаб кўришга чексиз, то умрингиз охиригача вақт бор. Бир зум тотли бўсаларни унутишга, қайноқ эҳтирослардан узоқлашишга, уйқусиз тунларни эсламасликка ҳаракат қилинглар. Балки шунда сизлар ўз камчиликларингизни, очиқ башарангизни, муҳаббатингизнинг кемтик жойларини кўришга муваффақ бўларсизлар. Балки келажакка оқилона баҳо бериб, тўғри йўлни топиб оларсизлар. Балки ўзингизни адашган деб ҳисобларсизлар.
Муҳаббат бу ҳаёт эмас, балки ҳаётнинг мазмунидир. Ҳаёт муҳаббат учун бир синов майдони холос. Дунё ташвишлари шу қадар чигалки, бу сўқмоқларда тўғри йўлни йўқотганлар, Аллоҳни унутганлар кўп бўлган. Агарчи, сизларнинг кўзларингиз очилиб муҳаббатни кўра олсангиз мен бағоят хурсанд бўлган бўлар эдим. Токи сизнинг муҳаббатингиз боқий бўлади.
Эй аҳли дўст!
Сизлар, гарчи муҳаббат не эканлигини билсангизлар ҳам, яна бир бор тушунтиришга, эслатишга ҳаракат қилдим. Балки, сизлар ўз муҳаббатингиз қадрини билиб оларсиз.
Агар шундай бўлса, аминманки сизларга ҳеч ким қаршилик қилолмайди. Муҳаббатда шундай куч, ақл, одиллик борки, сизлар ҳар қандай тўсиқларни қийинчиликларсиз, кўнгилсизликларсиз енгиб ўтасизлар. Асл муҳаббат учун нафақат ота-онангиз, балки фаришталар ҳам дуо қиладилар. Аллоҳ сизларнинг қалбингизни, ниятларингизни пок қилсин, муҳаббатингизни ўз паноҳида асрасин.
Чақмагай кўр қалбни сўз, гарчи у чақмоқ эмас,
Чақса ҳамки бўлса дўст, нияти чақмоқ эмас.
ёки
Ул бодомким, аҳли дониш унинг мағзин чақадур.
Ул чаёнким, кимки бадхулқ, анинг оғзин чақадур.
Эй Алишер, эҳтиёт бўл, қўймағил ўз ҳолиға,
Бир хатолиғ айласанг ким, йигит лабзинг чақадур.
ёки
Аё дўстлар кечирингиз қилсам хато,
Буни мерос қолдирмишдир Одам Ато.
Али Ал Меҳр
19 Февраль, 2008 йил.