Соат тақмаган одам нақадар бахтли...
Қўлингдаги соатга ҳеч эътибор берганмисан? Доимо вақтни билгани қўлингга қарайсану фақат унинг милларига назар ташлайсан. Бугун эса бир бор унга бошқа бир назар билан қараб кўр. Сезяпсанми?!
Милларнинг ҳаракатида, уларнинг кўринишида қандайдир ҳаётий мазмун борга ўхшайди. Уларда қандайдир сеҳрли куч борки, улар сенинг бутун борлиғинг билан ўзига ром қилади. Улар сени ҳаётингни бир зумда алғов далғов қилиб ташлашга хам, ёки бир тизимга солиб қўйишга ҳам қодир.
Биласанми, соатингга назар ташлашинг билан у сенинг асл башарангни ошкор этиб қўяди. Ишонмайсанми? Унда ўзгаларни ўз қўллардаги соатига қарашларини зимдан кузат. Уларнинг қиёфасида, башарасида шундай ўзгаришларни кўрасанки, бундай сермазмун ифодани энг самимий инсон юзида ҳам кўрмайсан. Атрофдагиларга қарама, улар ҳар доим ҳам соатга қарайвермайдилар. Бундан ташқари уларнинг юзидаги аломатларни ўқиш учун катта билим ва истеъдод керак.
Соат милларига яхшилаб эътибор бер. Улар сенинг ҳаётингни, умрингни қандай нисбий тезликда ўтаётганини кўрсатиб туради. Нисбий дейишимга асос бор. Бу дунёда ҳамма нарса ўлчовлидир. Лекин ҳар нарсанинг ўлчови бошқа ўлчовларга нисбатан олинади. Шу жумладан вақт хам. Лекин вақтни бошқа ўлчовлар сингари таърифлаш, ҳисоблаш, ўлчаш осон эмас. Барча ўлчовларнинг минглаб чегараси, йўналиши бор. Вақт эса фақат бир йўналишда ва биргина чегарадан бошланади. Чегарани нисбий белгилаб олишинг мумкин. Йўналиши эса ўзгармасдир.
Соат эса вақтни кўрсатгани билан унинг миллар бир нуқта атрофида айлангани айланган. Бир нуқтадан ўтса албатта яна шу нуқтага қайтиб келади. Ҳаёт эса қайтиб келмайди. Соат миллари бир оз кечикса ёки шошилса уни ўзгартириш мумкин, лекин адашиб ўтган умрни қайтариб бўлмайди. Соатни ҳаётга, умрга ўхшатганимга ажабланма. Дунёда ҳар нарсани бир-бирига ўхшатса бўлади. Чунки ҳар бир нарсанинг яратувчиси ягона Аллоҳдир. Яна Аллоҳ билади.
Соат қисмларига, унинг ички дунёсига ҳеч кўзинг тушганми? Ишонаманки, улар орасида тинмай тебраниб турган маятникдан бошқа нарса эътиборингни ўзига жалб қилмаган. Қолган қисмлар шундай оҳисталик билан ҳаракат қиладиларки, уларни кузатиш нақадар зерикарли. Тасаввур қила оласанми?! Шу қисмларни, соатнинг ички дунёсини ўз ҳаётинг деб тасаввур қил. Сездингми? Бу ҳаётда сенинг ўрнинг мана шу маятникдан бошқа жойда эмаслигига ишончинг комил бўлади. Соатнинг созлиги, бир маромда юриб туриши мана шу маятникка боғлиқ бўлгани каби сенинг ҳаётинг мазмуни ҳам сенинг ҳаракатингга боғлиқ. Юрагинг уриши ҳам маятник чиққиллашига ўхшайди.
Қолган қисмларни эса сени ўраб турган ташқи олам, борлиққа ўхшатиш мумкин. Ҳаётинг мазмуни мана шу қолган қисмлар созлигига, уларнинг ҳаракатига боғлиқ. Соатнинг бошқа қисмлари ҳаракати маҳсули ҳам ўз навбатида сенинг, кечирасан, маятникнинг созлигига асосланади. Қисмлардан биронтаси носоз бўлса қолганларининг хизматлари бефойда.
Бу қисмларнинг барчаси соат милларини ҳаракатланиши учун хизмат қилади. Соат миллари соатдан соатга, дақиқадан дақиқага, сониядан сонияга ўтиб бир ўқ атрофида айланаверади...
Сония кўрсаткичи сенинг соатингда борми, йўқми, бунинг аҳамияти йўқ. Чунки кўпчилик унга аҳамият бермайдилар. Тинмай, ҳаммасидан кўпроқ ҳаракат қилиб сонияларни санаса ҳам уни камдан кам эслашади. Ҳатто қараб ҳам қўйишмайди. Қарашади. Соат ишламоқдами, йўқми, шуни билиш учун қарашади. Шунда ҳам кўпчилик қулоққа тутиб овозини эшитишади. Сония кўрсаткичини сенинг доимий майда ишларингга, ташвишларингга, гап сўзларингга ўхшатсак бўлади. Чунки уларга ҳам камдан кам эътибор беришади. Сенинг ҳаёт эканлигинг, тириклигинг мана шу кўрсаткичлардан билиниб туради. Агар текширишмоқчи бўлишса, юрагингга қулоқ солиб кўришади, тўғри, агар ҳаракатинг йўқ бўлса. Лекин майдалашишнинг нима кераги бор?
Дақиқа кўрсаткичини эса сенинг катта ишларингга, касбингга, оилангга ўхшатиш мумкин. Уни камдан кам унутишади. Жуда бўлмаганда яхлитлаб айтишади. Дақиқалари бўлмаган соат соатми? Бундай соатнинг носозлиги бир қарашдаёқ билинади. Худди ишсиз, оиласиз, ҳунарсиз инсон каби. Лекин баъзида бундай соатлардан ҳам фойдаланишади. Лекин мужмал ҳаёт мазмуни кимни ҳам қизиқтирарди.
Вақтни билгани энг аввало соат кўрсаткичига қарайсан. Биласанми, уни сенинг ҳаётингга, умрингга, ҳаётинг мазмунига ўхшатиш мумкин. Жуда секин ҳаракат қилади-ю, лекин жуда катта фойдаси бор. У ўзини уринтирмайди, дақиқа ва сониялар қилган ишни яхлит холда кўрсатиб қўя қолади. Инсон ҳаёти мазмуни ҳам худди шундай.
Лекин ҳаёт аниқликни талаб қилади. Шунинг учун соатга доимо дақиқалар қўшиб айтилганидек, инсон ҳаёти мазмунига унинг қилган ишлари қўшиб айтилади. Лекин биласанми, ҳаётда шундай ишлар борки уларнинг аксари қисми сонияларсиз мазмунга эга бўлмайди. Буюк Бошланишлар хам, Тугалланишлар ҳам сониялар билан ўлчанади. Инсон ҳаётида ҳам асосан унинг назарга илмаган майда-чуйда ишлари катта таъсир кўрсатади. Соат қисмларининг яримидан кўпроғи мана шу сония кўрсаткичини ҳаракатга келтириш учун хизмат қилади. Сенинг атрофингдаги инсонлар хам, борлиқ хам, табиат ҳам асосан сенинг мана шу майда ташвишларинг учун хизмат қилади. Шундай бўлсада сен сониялар кўрсаткичини ҳеч қачон аниқ созлаб қўйган эмассан. Бунга менинг ишончим комил.
Соат милларини тўғрилашга шошилма. Ундан кўра ўз хатти ҳаракатларинг созлаб ол. Соатни созлаганда ҳам бошқа бировдан вақтни сўрашингга тўғри келади. Бошқа соат тўғри созланганми, йўқми, бунинг унча муҳим аҳамияти йўқ. Лекин ҳаётинг милларини созлашда намуна танлашга эҳтиёт бўл. Бунда Замон ва Макон қонунларини ўзаро боғлиқ эканлигини унутма. Шундагина сен соатингни ошкора тақиб юра оласан. Чунки ўзгалар вақтни сўраганда уялиб қолмайсан.
Қўлингдаги соатинг ҳамон ишламоқда. Лекин сен унинг мурувватини бураб қўйишни унутма, акс холда тўхтаб қолади. Чунки ҳар нарсанинг ўз ниҳояси бор. Шунингдек ҳаёт ҳам ўз интиҳосига эга. Сенинг ҳаётинг муруввати қанчадир миқдорда бураб қўйилган. У қачон тўхтайди, яна қайта бураладими ягона Аллоҳга маълум. Сен эса бу вақт ичида бир маромда тебраниб турсанг бўлгани. Сендан фойдаланишадими, йўқми, бу сенинг тебранишларинг маромига, атрофингдаги қисмларнинг созлигига боғлиқ.
Ҳаёт давом этаверади, вақт эса чексиздир...
22 февраль, 1999 йил