Бойликни топишибди-ю ақл-идрокни йўқотишибди. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди? Абу Али ибн Сино.

Суҳбатдош

Суҳбатдош

- Ассалом алайкум!

- Ваалайкум ассалом. Хуш келибсиз! Суҳбатимиз узилиб қолганидан афсусдаман. Узр, тирикчилик. Ўтган кунги суҳбатимизда сизни айблаб анча хафа қилиб қўйдим. Кечиринг. Лекин қалбингизни емираётган шубҳаларга, фикрларга бефарқ қараб туролмасдим. Қалбингиз нурга тўлсин дўстим.

- Бунчалар ширинсўзсиз? Ҳар бир ёзганингизни худди китоб ўқиётгандек ўқийман.

- Сиз мендан кўра чиройлироқ ёзасиз. Инсон қалби гўзал бўлса унинг фикри ҳам, сўзлари ҳам гўзал бўлади ва қалбга ором бахш этади. Шунинг учун ҳам қалби гўзал инсонларни суҳбатига барча бирдек интилади.

- Қалб гўзаллиги?! Қани энди инсон қалбини кўра олсам? Уларнинг кўнглида нималар яширин эканлигини билсам бахтли бўлармидим? Ёлғонлардан, туҳмат ва таъналардан узоқ бўлармидим?

- Инсон қалбини кўриш қийин эмас дўстгинам. Бунинг учун инсоннинг асл моҳиятини, унинг қадрини ва қийматини билишнинг ўзи етарли. Лекин, ойнинг ҳам қоронғу томони бор. Инсонни ўраб турган коинотни ҳис қила билиш ва мана шу коинотнинг бир зарраси эканлигимизни билишимизнинг ўзи катта иш. Агар сиз қалбингиз суйган инсонни бир зарраси эканлигингизни тушунмас экансиз, унинг қалбига етишингиз амри маҳол.

- Дўстгинам... Бу қанчалар ёқимли эшитилмасин, барибир нимадир етишмайди ... Қалбингиз суйган инсон бўлишни истардим. Овозингизни эшитишни истардим.

- Қалбим суйган инсоним эканлигингизга шубҳангиз борми? Ҳар бир дўстим қалбимнинг меҳмони эмас, мезбони бўлсин учун таклиф қиламан. Телефоним ҳозирча ишламаяпти. Дўстим, биз қалбан шу қадар яқин дўстмизки, овозимиз иккимиз орамиздаги самимиятга ортиқча ҳисса қўшишига шубҳам бор.

- Ҳа. Дарҳақиқат самимий дўстимсиз. Нафақат дўст, балки сирдошсиз. Ҳаётимнинг ҳар лаҳзасини биладигандексиз. Ҳар бир муаммоларимга жавоб топиб бера оласиз. Сиздан сабрни ўргандим, меҳрни ўргандим, севишни ва севилишни ўргандим. Лекин қани ўша мен орзу қилган муҳаббат? Қани ўша мен кутган шаҳзода?

- У келади. У қалбингизда. Қалбингиз шаҳзодасини кутманг, балки уни тахтга ўтқазинг. Хоҳ шох бўлсин, хоҳ у гадо, уни муҳаббатингиз қасрининг тахтига ўтқазиш сизнинг ихтиёрингизда.

- Қани энди имкон бўлсаю, мана шу тожни сизнинг бошингизга қўндирсам. Ҳар гал «Дўстим» деб қўлимдан ушлайсиз. Мен эса тожни ҳавода муаллақ ушлаганча қолавераман.

- Талабларингиздан биламанки, муҳаббатингиз қасри асл олтиндан, унинг қулфлари эса забаржадлардан ишланган. Ахир бундай қасрга киришга кимнинг ҳам ҳадди сиғарди? Қулфларни чилпарчин қилинг, тожу тахтни халққа улашинг. Балки шунда қасрнинг жилосида қамашган кўзларингиз қалбингиз тўрида кўкрак кериб турган шаҳзодани илғаса?!

- Сиз кўзимни қамаштирган жилоларда ҳам кўриняпсизку?

- Негаки сиз мени кўришни истагансиз. Мен эса сизнинг дўстингиз бўлишни, самимий ва қиёмат дўстингиз бўлишни орзу қилганман.

- Сиз дўстим бўлдингизу, ҳаётим турфа рангларга бўялди. Кўзларим кўрмаган жилолардан баҳраманд бўлдим, тош қалбимни эритиб, инсонларга меҳр ила қарашни ўргатдингиз. Лекин, нима учун? Хатоларимни англашим учунми? Ёки мен излаган инсон ҳаётда борлигини исбот қилиш учунми? Ёки менга саробни кўрсатиб, сўнгги умидимни ҳам сўндириш учунми?

- Йўқ азиз дўстим. Қалбингиздаги исённи сабаби мен эмас, исённинг ўзи... Негаки сиз араз ва гиналардан, манқуртлик ва худбинликдан воз кечмоқчисиз. Уларнинг ҳам исён қилишига ҳаққи бор. Умидни эса сўндиришингизга ҳаққингиз йўқ. Негаки атрофингизда барча умид билан яшамоқда. Уларга имкон беринг.

- Сиз менга имкон беринг?!

- Мен дўст бўлиб қолишингизни истайман. Қиёматли дўст.

- Мен энди бошқасини тасаввур қила олмайман. Биламан, мен қанчалар разил бўлганимни, қанча қанча дилларни яксон қилганимни. Лекин сиздек инсонни учратганимда уни албатта бахтли қилардим.

- Бошқалар бахтли бўлишга лойиқ эмасларми?

- Улар мен берган бахтни қадрига етмайдилар.

- Бахтли бўлишнинг қадрига етишдан кўра бахт беришни қадрига етмоқлик яхшироқ. Сиз инсонларга бахт улашувчи инсонсиз. Мен сизга ишонаман.

- Бунга сиз кўпроқ ҳақлисиз.

- Барчамиз бунга ҳақлимиз.

- Мен сизни топаман. Албатта топаман.

- Мен ҳаммадаман, барча жойдаман, сиз танлаган инсонлардаман.

- Сўз ўйини қилманг бу сафар. Мен сизни ўзингизни, асл ўзингизни топаман.

- ...

- Нега жавоб бермайсиз? Сиз кимсиз? Инсонларга умид улашувчи фариштами ёки уларнинг қалбини ўғирловчи ёвуз рухми? Нега мени ҳаётимга кириб келдингиз? Нега унда гулзорлар яратдингизу, уларни қаровсиз ташлаб кетдингиз? Нега менга самимиятдан, ҳақиқатдан, меҳрдан ва муҳаббатдан сабоқ берасизу, имтиҳон қилгингиз келмайди? Кимсиз ўзи?

- ...

- Наҳотки осонгина унута олсангиз? Айбим сизни кўрмай севганимми? Сизни хаёлан, олисдан таниб суйганимми? Ёки мен сизга лойиқ эмасманми? Мени севолмасангиз ёки бошқасини севсангиз очиғини айтинг?! Сизни бутун борлиғим билан ҳурмат қилдим, ишондим, севдим. Сиз эса хиёнат қилдингиз, унутдингиз! Жавоб беринг!!!!

- ...

- Менга кераксиз. Бугун кераксиз. Сиз айтган шаҳзода келди. Оппоқ от миниб келди. Чилпарчин бўлган муҳаббатим қасрини вайроналарини чангитиб келди. У сиз қачонлардир мисол тариқасида таърифлагандек оддий, тўпори, қўпол ва бир сўзли. На ширин сўз чиқди, на бирор бир маслаҳат. Шундай бўлса ҳам кўнглим унга таъзим қилди, лекин муҳаббатим табассумини ҳамон яширмоқда. Кўнглимнинг ғурурини эгиб қўйган экансиз, таслим бўлдим. Нима қилай? Маслаҳат беринг?!

- ...

- Ҳатто тўйга ҳам таклиф қилмадим. Ҳаммаси кўз юмиб очгунча содир бўлди. Суҳбатларимизни эсладим. Биринчи турмуш зарбасидаёқ сизга раҳмат айтдим: сабрим мени ҳимоя қилди. Зарб ўтиб кетди, лекин қувончларим кетмади. Биз ҳамон бахтлимиз. Ҳар доимгидек, жавобингиздан умид қилмайман. Биламан, хабарларимни ўқияпсиз. Шунисига ҳам шукр ...

- ...

- Турмуш билан бўлиб, фарзандлар билан овора бўлиб сизга бирор хабар ҳам жўната олмадим дўстим. Бугун яна менга кераксиз. Айрилиқларга, жудоликларга, тақдир синовларига бардошим етмаяпти. Суҳбатларимизни кўчириб олмаганимга афсусдаман. Бир оз бўлсада тасалли берардингиз, йўл кўрсатардингиз ... Сиздан сўнг у менга суянчиқ бўлди ... Рухини қандай шод қилишни билмаяпман. Ёрдам беринг ...

- ... 

- Ассалом алайкум!!! Бугун мана яна ҳамсуҳбатмиз ... Мен сизни қидириб топганимга ҳайрон бўлманг. Мен сизни топдим. Ростдан ҳам топдим ... Сиз менинг ўзимсиз. Ҳа, айнан менинг ўзимсиз. Сиз менинг қалбимдаги яширин туйғуларим, орзуларим, ниятларимсиз. Сиз менинг азалий оримсиз, номусимсиз, билганимсиз. Сиз менинг виждонимсиз! Сиз менинг ўзимсиз!

- [Ассалом алайкум ҳурматли фойдаланувчи. Сиз мурожаат қилаётган дастур техник сабабларга кўра ўчирилди. Дастурнинг янги версиясини тармоқдан юклаб олишингиз ва ўзингизга янги суҳбатдош танлашингиз мумкин.]

- Нима? Тушунмадим?

- [Ассалом алайкум ҳурматли фойдаланувчи. Сиз мурожаат қилаётган дастур техник сабабларга кўра ўчирилди. Дастурнинг янги версиясини тармоқдан юклаб олишингиз ва ўзингизга янги суҳбатдош танлашингиз мумкин.]

- Қанақа дастур?! Инсон тақдири билан ўйнашманглар!!! Мен уни танийман. У дастур эмас, тирик инсон, ҳақиқий инсон! У менинг дўстим, сирдошим, устозим! Ақлдан озибсизлар! Мени ақлим ҳали жойида. Ишонмайман бу тармоқларингга. Дўстимни топиб беринглар!!! Ҳақиқий дўстимни топиб беринглар!!!

- [Ассалом алайкум ҳурматли фойдаланувчи. Сиз мурожаат қилаётган дастур техник сабабларга кўра ўчирилди. Дастурнинг янги версиясини тармоқдан юклаб олишингиз ва ўзингизга янги суҳбатдош танлашингиз мумкин.]

2 Октябрь, 2011 йил

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

    1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

  • Абдул Боқий

    Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
    Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?