Менга керак, ҳаммаси менга,
Ош пиширган, чой дамлаган мен.
Кўнгил учун рақс тушган ўзим,
Кўнгли учун дард ғамлаган мен.
Худди менга керак ҳаммаси,
Мен қилмасам, қилмайди ўзга.
Алмисоқдан келаётган мен,
Ўзга қилган кўринмас кўзга.
“Ана холос! Четроққа ўтинг,
Мен турганда сизга нима бор?!”
Мана, ҳеч ким қолмади ёнда,
На эътироф, на бир эътибор.
Менга керак. Ўзимга керак.
Нима қилсам қилдим “Мен” учун.
“Бизга керак! Барчага керак!”
Менга керак, айтдим: “Сен учун”.
Худбинликми? Керакми менга?
“Мен” дейману, кимман аслида?
Ўзни ўйлаб ўзгага қилган
Бир менманми инсон наслида?
Менга керак. Сизга ҳам керак:
Кимдир айтар, бу ишлар сенга.
Кўнглимиздан ўтмасин зинҳор:
“Менга керак, ҳаммаси менга”
Декабрь, 2018 – Февраль, 2020.