«Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида,
Сунбул сочларини тараб турган қиз.»
Қўшиқдан…
Кўҳна бир дунёнинг зах бир уйида,
Асо ушлаб, мункиб, титраб турган чол.
Нурсиз кўзин тикиб кетган йўлига,
Келар бир кун дея умид қилган чол.
Қанчалар бахт деди ўғил кўрганда,
Борини, йўғини тикди қўлига,
Энди эса қариб, ғариб бўлганда,
Қараб қолди номард ўғил йўлига.
Поёнсиз бир умрдек ўтар ҳар они,
Ҳолин сўраб келмас «бегона» ўғил.
Шунчалар қаттиқми бу ширин жони,
На воз кечолмайди, на етмас кўнгил.
Ўғил эса ошиқ, бир қиз куйида,
Ақлин олар аста кўпни кўрган қиз.
Катта бир шаҳарнинг чекка уйида,
Сиртмоқ сочларини ўриб турган қиз.
Кекса бу дунёнинг ҳақли саволи
Нучун ўз ҳолига қўймайди, ажаб?
Айби не бу чолнинг, шуми уволи
Фарзанд ўстирганни кўнглига қараб?
Мантиқ:
Чекка бир қишлоқнинг чекка уйида,
Чолнинг сочларини тараб турган қиз.
Қисмат. Кетмас кечиб ота уйидан,
Қизлик фарзин бахтдан афзал билган қиз.
28-июнь, 2019 йил.