Бойликни топишибди-ю ақл-идрокни йўқотишибди. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди? Абу Али ибн Сино.

Тақдир чархпалаги

Тақдир чархпалаги

- Кимсиз?
- Сиз каби бир суҳбатдошман.
- Мен ҳис қилган завқни ҳис қила оласизми?
- Сиз ўзингиз ҳали ҳис қилмаган завқларингизни ҳис қила олдим.
- Лекин қўрқяпман. Адашдиммикин?

- Сиз эмас. Сизнинг қўлингизни қўйиб юборган инсон адашган.
- Кимсиз?

Муҳаббат худди чархпалакка ўхшайди: у сени осмону фалакка кўтариб оламни кўрсатади. Қувноқ бўлсанг завқланасан, қўрқсанг бошинг айланади. Маҳкам ушласанг завқинг камаяди, бўш қўйсанг йиқилиш эҳтимолинг бор. Бир маромда айланишга эса кўпчиликнинг сабри чидамайди. Сенинг ҳам сабринг чидамаганди. Тақдирингни билганимда сени худди чархпалакка чиққану, энди қўрққанидан уни маҳкам ушлаб тўхтатмоқчи бўлаётган қизалоққа ўхшатгандим. Аста тушириб олишга уриндим. Аслида сен чархпалакдан тушишга уринмадинг, аксинча, қўлларингни қўйиб юборганча йиқилишингни кутиб чархпалак билан гир айланардинг.

- Кимсиз? 
- Мана шу истироҳат боғида чархпалакларни кузатиб юраман. Йиқилмасликларинг учун.
- Мен эса йиқилиб бўлдим.
- Аксинча. Ҳали тақдир чархпалагига чиқиб ҳам улгурмадингиз.
- Унга чиқишни ва яна бир бор йиқилишни истамайман.
- Лекин бу чархпалакда қайта ва қайта учамиз.
- Кимсиз?

Сенга тақдир чархфалагини кўрсатиб хато килдим. Сен ўзинг учган чархпалакларни ўйинчоқ деб билдинг, ўзингни катта бўлиб қолгандек ҳис қилдинг, каттароқ ва завқлироқ чархпалакда осмону фалакка кўтарилмоқни истадинг. Сендайин шўх қизалоқни аввал учратмаганман. Авайлаб чархпалакдан тушириб қўйдим.

- Кимсиз?
- Нега билиб туриб сўраяпсиз?
- Тўғри... Ҳатто нимани ўйлаётганингизни ҳам биламан.
- Сиз ўзингизни кўрдингизми?
- Бунчалар ўхшашлик... Ҳар бир сўз, фикр, хаёл, ҳаракат...
- Ҳа. Икки томчи сувдек. Кутмаган эдим. Ҳатто сирларимиз ҳам ўхшаш.
- Шошманг. Кафтимиздаги чизиқлар?! Наҳотки? Фақат айтманг, сиз ҳам...
- Ҳа. Адашмасам айнан ўша кун туғилганман. 
- Кимсиз?

Бу қадар ўхшашлик инсонлар орасида камдан кам топилади. Бу сафар мен қўрқдим: менга айнан ўхшашлигингдан қўрқдим. Хаёлларинг ҳам, орзуларинг ҳам, тақдиринг ҳам. Фикрларинг меникига ўхшашини истамасдим. Қисматинг меникига ўхшашини истамасдим. Ҳақиқатинг, ёлғонинг меникига ўхшашини истамасдим. Лекин фарқни излаб тополмасдик. Ёки кўрмасдик.

- Кимсиз?
- Менинг кимлигимнинг аҳамияти йўқ. Сиз эса борсиз.
- Менга сиздан ўзгани кераги йўқ энди.
- Мен эса сизни йўқотишни истамайман. Бу чархпалак баланд ва секин айланади.
- Ҳар қанча бўлса сабр қиламан. Мувозанатни йўқотмайман.
- Бу сафар сизни ушлаб қола олмайман.
- Нега?! Кимсиз ўзи?

Чархпалакни кўрсангу, унда завқланиб учмасанг, кўнглингда армон қоларкан. Сени боғимнинг энг сара чархпалакларида учирдим. Сен эса энг каттасига интилардинг. Бир кишилик мангу чархпалак. Унга чиқиш учун тайёр эмаслигингни, йиқилсанг нобуд бўлишингни, унда сендан ўзгага жой йўқлигини билсанг ҳам унда учишга, завқланишга, осмонларга чиқишга интилардинг. Бир ўзинг эмас, мен билан бирга учишни истардинг. Мен эса бу чархпалакни айланмаслигини, тузатиш учун вақт кераклигини билардим. Сен ҳам билардинг. Ахир бир биримизга икки томчи сувдек ўхшаймизку?
 
- Кимсиз?
- Сабрингизни синовиман.
- Мен эса чарчадим. Бошқа чархпалакка чиқишни истамайман. Бу гал қаттиқ йиқилдим.
- Сиз ҳали бирор бир чархпалакка чиқмадингиз.
- Йўқ, чиқдим. Сиздан сўрамай чиқдим. Чиқдиму, энг тепасига етганда йиқилдим. 
- Сиз ҳали йиқилмадингиз.
- Йўқ! Йиқилдим. Йиқилганда хам парча парча бўлиб сочилиб кетдим.
- Йиқилиб ҳали ўрнидан турмаган одам яна қандай йиқилиши мумкин?
- Меҳрингиз тошдек, қалбингиз муздек. Ёвузсиз. Кимсиз?

Мен сизни синалмаган чархпалакка олиб чиқмаслик учун елкамда олиб юрдим. Йиқилиб озор чекмаслигингиз учун чархпалакда учишни ўргатдим. Завққа алданмаслик учун, хатарда қўрқмаслик учун сизга тақдир чархпалагини нозик мурватларини кўрсатдим. Факат қўлингизни қўйиб юборишдан қўрқаман: барибир яна чархпалакка интиласиз. Чунки худди менга ўхшайсиз. 

- Кимсиз? 
- Ҳеч ким. 

Аста қўлингизни қўйиб юбораман. Сиз кетган йўлакдан афсус ва умид ифодаси қолади. Мен эса чархпалакни айлантиришда давом этаман. Сизни олиб чиқиб учирмаган чархпалакни. Аста чархпалакдан сурайман: 
- Кимсиз? 
Тақдир чархпалагининг бир маромда ғичирлаши эшитилади холос...

14 Ноябрь, 2011 йил.

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

    1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

  • Абдул Боқий

    Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
    Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?