Садарайҳон

Садарайҳон

Қон йиғлайди хиёбонда ёлғиз ўсган садарайҳон
Йиғлаб айтган сирларини булбул тинглар бўлиб ҳайрон:
“Бунчалар хам тошмеҳрли, метин юрак бўлар инсон?
Бир кўнгиллар айрилиғин гувоҳиман. Куз келсайди.

Онлар ўтар шамол каби орзуларин айтишгунча,
Кунлар ўтар йиллар каби яна висол қайтишгунча.
Бахтли онлар изҳорига тугиб қўйсам гўзал ғунча
Тиконларга айланади, “Алвидо”лар. Ёз кетсайди.

Унсиз ўтинч, умид қолар, армон қолар нигоҳларда.
Чора борми, билсам эди, мен билмаган гуноҳларда?
Қасдим бордир ишқ қасрини кемтик қурган сипоҳларда,
Заҳрим сочиб сўлсам майли, ғанимларга. Куз келсайди.

“Кетма” дея айтолмайди. “Кетманг” дея айтолмайман.
Икки издан икки тараф кетолмайман, етолмайман.
Икки тақдир қисматини билолмайман, кутолмайман,
Яна айро тақдир кўрмай ёзим кетиб куз келсайди.

Нажот борми? Жоним берай. Дилни дилга боғлагин бас.
Айрилиқни қўй қиёмат. Висоллардан яралсин сас.
Кутиб яшай изҳори дил, токи мендан қолмагай хас,
Аёзларга силтай гулим, баҳор яна бир келсайди.

14 август, 2007 йил.

Саҳифамда зерикиб қолманг!

  • Ўлмасой Нишонова. Мени ишқдан совутма дунё...

    1984-йилнинг 22-августида Фарғона вилояти Тошлоқ туманида таваллуд топган. Тумандаги ўрта мактабни тамомлаб, Марғилон Миллий Хунармандчилик Лицейига ўқишга қабул қилинган. Ижод намуналари «Марғилон гулшани», «Фарғона томонларда» каби тўпламларга киритилган.

  • Абдул Боқий

    Абдул Боқий (Кенжабоев Абдулбоқи Урайимжон ўғли) – 1978-йилнинг 15-апрелида Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида таваллуд топган. 
    Адабий фаолияти мобайнида нафақат анъанавий услубда, балки Модерн, хусусан, Нео модерн, Метамодерн услубларида назм ва насрда ижод қилади.

  • Матмусанинг картаси - 2

    Кириб келар янги йил, ҳайит эшик қоқмоқда,
    Бизнинг доно Матмуса касса томон боқмоқда.

    Ишлар жойи тайиндир, маошидан кўнгли тўқ,
    Бор бойлиги картада, чўнтагида тийин йўқ.
    Кутиб ўтар кун сайин, ишга келар маош деб,
    Ахир бир кун тугайди, ётаверса карта еб.

  • Ҳамкасбимга ҳазил

    (Ҳамкасбимга ҳазил)

    Ул йигитким бир жаҳон, бу замон бир донадур,
    Йўқ демаким кўркини, ҳар сифат нишонадур.

    Бир Умар фарзанди ул, киндик қони Намангон,
    Макон бўлди Андижон-ким, таҳсили Фарғонадур.

  • Ёшларга тўй ҳазили

    Фидо бўлди бир ошиқнинг ҳурлик они тўйхонада,
    Бир гул юзли барно кутар бўлди уни остонада.

    Аҳли ёри ўйнаб кулар ошиқ кўнглин олмоқ бўлиб,
    Аммо ошиқ кўнгли тўйда эмас балки дурдонада.

  • Матмусанинг картаси

    Бир кун дўстим Матмуса чуқур ўйга толибди,
    Барча доно фикрини бир мезонга солибди.

    - Ҳозир мен ҳам бизнесмен, омад қувган боламан.
    Иш жойимда маошни жуда катта оламан.
    Яна бунинг устига ойлик ошган ўтган ой,
    Хаммасини бир олсам, қай чўнтакка соламан?