Заҳро Шамсийя, шоира, эркин ижодкор. 1969 йил 9 апрелда Навоий вилояти Нурота туманида таваллуд топган. Илк шеърлари 1984 йили "Гулхан" журналида ёритилган. Ҳозирги вақтда унинг шеърлари дунёнинг кўплаб давлатларида анталогия, альманах, газета ва журналларда кенг ёритилмоқда.
Америка, Россия, Озарбайжон, Бангладеш, Ҳиндистон, Хорватия, Дубай, Миср, Кения, Тожикистон, Канадада давлатлари шулар жумласидандир.
"Шарқ юлдузи", "Маърифат", "Китоб дунёси" , "Ўзбекистон адабиёти ва Санъати", "Гулобод" журнал ва рўзномалари орқали Ўзбекистонлик мухлисларини хурсанд қилиб келмоқда.

Уммон чайқалмоқда,
Кўринар кема.
Маёқ томон сузар адашиб йўлдан.
Тўлқинлар авжида,
Зарблар авжида
Фақат саробларга мен алдандима.
Кимсасиз ороллар қуршови- қопқон,
Гўё одамхўрлар чорлар соз чалиб.
Ана, Буюк дунё кафтларига жим
Тўкилар ирмоқлар бир- бир қуйилиб.
Наҳанглар тиш қайраб айланар тинмай,
Юрагимни юлиб берсам тўярми?
Тош асрининг синмас қояларига
Исмимни ханжарлар билан ўярми?
Мен на гўшт бўламан ва на егулик,
Чунки оқмоқдадир қонимда Ватан!
Наҳанглар тишида темир совутдек
Онгим наъра тортар даъфатдан.
Ва чўчиб уйғонар мўйсафид дунё,
Ва исён аҳдини тинглар оломон.
Менинг миттигина танимда гўё
Портлашга тайёрдек миллионлаб вулқон!
Уммон узра сузар эгасиз кема,
Сароблар гирдоби лабин тамшайди
Ким билади балким бошқа умримда
Менинг минглаб меним яшайди.
Уммон чайқалмоқда,
Кўринар кема.
Олиб кетмоқдадир аҳд ва шаҳдларни!!!
13.09.2022 й

"Менга оғир бўлар - сен ўлсанг...
сенга нима - ўлсам-ўлмасам."
Асқар Маҳкам
Оҳ,нақадар тан олмоқ мушкул,
Ханжар суқиб хаёл кўксига.
Орзуларим йиғламоқда тул.
Фарёд туғиб ишқнинг бўғзига.
Мен борманми, йўқманми - сароб,
Кемиради тинмай онгингни.
Вақт шошади, ўзгариб қаллоб
Шомга адаштириб тонгингни.
Бақираман..Чиқмас овозим,
Бир қоралик босар вужудим.
Айтолмайман сўнгги дил розим,
Етолмайди шўрлик сужудим.
Сен билмайсан,сезмайсан ҳатто.
Бефарқликдан чиқмайсан сира.
Қуёш чиқиб, ботгунича то
Алам дилни қилади хира.
"Менга оғир бўлар - сен ўлсанг,
Сенга нима ўлсам- ўлмасам "
Мен бахтлиман сен тўлиб кулсанг,
Сенга барибир бўлсам- бўлмасам.
Ҳу,қарочиқ кенгишларида суратингни чизаман такрор.
Ва.. Нигоҳинг остонасида
Жон бераман рози бўлсанг ёр...
Барибирмас менга йўқлигинг....
21.07.2021 й

На шафқат бор ва на номус,
Ожиз қолур бунда қомус
Қўрқмайдия ҳу ғаламис
Худодан ҳам, йиғла элим.
Титраб кетди дунёйи дун
Гўдак йиғлар ожиз, дилхун
Топталган ҳур гўдак учун
Ким жавобгар айтгин элим?
Онасини чопар ўғил,
Юрак қандай чидар ахир.
Гуноҳлар кўп, оғиру- зил
Худога не дейсан элим?
Ҳар кўчангда бир баччавоз,
Чиқармайди мазлум овоз
Ана энди ақлдан оз
Соғларга не дейсан элим?
Хазон бўлди гулгун юзлар,
Бозор савдо бўлди қизлар.
Супириларми наҳсли излар?
Қизингга не дейсан элим?
Бойлик дарди оғир келди
Оқибатни ҳасад еди.
Ота- она сарсон энди.
Ўғлингга не дейсан элим?
Мард ўғлонинг хотин бўлди,
Орият ва иймон ўлди.
На қиз бўлди, на эр бўлди
Тарихга не дейсан элим?
Гўдак ҳаққин еди юҳо,
Кўрмайди деб ўйлар Худо.
Қиёматда жавоб илло-
Ўтмишга не дейсан элим?
Жаҳонгирлар юрти Турон
Ғафлат уйқусидан уйғон!
Жон талваса қилган шу он
Руҳингга не дейсан элим?
Тугунларни ечолмаганим,
Уйқусидан кечолмаганим,
Ёсуманнинг сеҳрини енгиб
Унга кафан бичолмаганим
Қисматмикан пешана шўри?
Енгдимикан аламнинг зўри?
Ёнмасмикан золимнинг гўри?
Ғолибликга даъвоси йўқлар
Ҳолини ким бориб бир йўқлар?
Фарёдларга не дейсан Элим?
Авлодларга не дейсан Элим???
Жаҳонгирлар юрти Турон!
Ғафлат уйқусидан уйғон!!!
6.10.2024й

Ана ёмғирлар ҳам қолди ғимирлаб,
Булутнинг ортидан қуёш очар юз.
Қишнинг қулоғига аста шивирлаб
Ортига боқмайин кетаётир куз...
Сариқсоч малагим, сирдош, дарддошим,
Елкангда хуржунинг армонга лиқми?
Сен билан қарияпти ҳар йили ёшим
Кексалик ё бизга шунча интиқми???
Япроғингга ёзсам ишқга қасида,
Ҳижронга сўнгги хат, орзуга ният.
О, сенинг ўзингсан сўнгсўз аслида
Бош эгиб туради муҳаббат.
Чак- чак ёмғирингдан ўпирилар дил
Қанотсиз истаклар учолмас, ғариб..
Анов армонларнинг хўржинлари зил
Хўржинда юрагим кетаётир қариб.
Биз босаётган йўллар азал ҳам зариф
Сен ла ҳасратлашган Чўлпону, Усмон.
Анов ўриндиқда Абдулла Ориф
Ватан мадҳиясин ёзолган чунон
Нозик белгинангдан қучмади кимлар?
Кимлар муҳаббатин этмади изҳор??
Ана, булутнинг ортидан имлар
Декабрь, майлига энди бора қол..
Хуржунингда юрагим кетаяпти қариб....
28.11.2023 й

Кузнинг энг сўнгги шеъри
Атиргул баргига маҳлиё бўлиб
Баҳорлар ўтмоқда, кузлар ўтмоқда.
Киприкга армоннинг ёшларин илиб
Қанчамиз кўзимиз тупроқ ёпмоқда.
Қасанғи туйғулар куйига шайдо
Ҳур қизлар лабидан зино ўпмоқда
Йўқида кўринмай, борида пайдо
Ошнолар остона пойлаб ётмоқда.
Савол жавобимиз осон кечарми?
Юракни тинмайин гумон ёқмоқда
Художон ўзинг айт сабр етарми?
Босган ҳар изимиз қайга элтмоқда?
Билмайман, бу қандай замона бўлди,
Дўстим дўст бўлмади, вафо қочмоқда
Дилларда садоқат, иймон ҳам ўлди
Сирларни сирдошим тўрт ён сочмоқда.
Янаги йил яна қайталайди куз.
Кузакга етмоқлик армон бўлмоқда.
Художон! атиргул япроғини уз
Умрнинг яна бир банди сўлмоқда.
Баҳорлар ўтмоқда, кузлар ўтмоқда
Қанчамиз кўзимиз тупроқ ўпмоқда....
30.11.2024 й

Ҳу кўзда шашқатор ёшим- илтижо,
Ҳу кўнгил тубида янграган нидо.
Ҳу ўша кун излаб келасанми ё?
Бизни учраштириб қўйганда Худо!!!!
Ҳу ўша ҳисларим исёнкор қурғур,
Ҳу лабдан сирпалган сўзларим қусур
Ҳу ўша манзилда мени кутиб тур,
Бизни учраштириб қўйганда Худо!!!
Ҳу сўнгсиз тунларнинг азоби умид,
Ҳу айтилмай қолган изҳорим сукут.
Ҳу ёлғончи қушлар сайроғин унут!!!
Бизни учраштириб қўйганда Худо!!!
Ҳу менсизлик куйи ғариб, нотавон,
Ҳу сенсизлик, хазон ёприлган ҳар ён.
Ҳу кетиб бораётган дилдаги армон.
Бизни учраштириб қўйганда Худо!!!
Ҳу кўзлари ёниқ боқаётган севги!!!
27.11.2022 й

Ноябрь..Куз сўнги
Дарахтлар яланғоч тош қотар.
Осмон кўкси ёрилганида
Замин иффатини йўқотар.
О, қарғалар бошлайди қўшиқ,
Сўнгсиз, ҳиссиз, сўнгсиз.
Сигара лабида қийшиқ,
Шоир тентирайди сўзсиз.
Балоғатга етган туйғулар
Авжида ҳансирар хиёнат.
Юздаги ясама кулгулар-
Нигоҳга ўйилган минг лаънат.
Минг лаънат,
Минг лаънат.
Борлиқга
заррадек тарқалган дуойи бад.
Эски чориғини судрайди қисмат
Одамзод яшаркан тоабад.
Япроқлар- тўкилган арзу- дод,
Хазонга айланган ишқ макон.
Бугун руҳ тиниққан, бугун
Руҳ озод.
Кузнинг ёноғидан ўпган он.
Ҳайрат!
Елкасини ёриб қўш қанот-
Шоирни кўтарди самога.
Энг сўнгги нафаси чиқгунча
Истиғфор айлади Худога.
Ноябрь,
Куз сўнги.
Алвидо...
4.11.2022 й

О, муҳаббат, келдингми яна?
О, муҳаббат,
келдингми яна,
Остонамда турибсан кулиб.
Юракга боқ, юрагим мана,
Йиғлаяпти озорга тўлиб.
О, муҳаббат,
Кўзлари сўқир,
Қулоғингга кирмайдими гап.
Сенинг йўлинг тиканак, чақир.
Бошлаяпсан яна атайлаб..
О, муҳаббат,
Лаззати оташ,
Куйдирасан тинмайин танни.
Туйғуларни этганча чалкаш
Йиғлатасан кўнгил- Ватанни!!
О, муҳаббат,
манзили азоб,
Ҳикматингдан ўргилай ўзим,
Кечалари келмай қўйди хоб,
Шу жонимга тилайман тўзим..
О, муҳаббат,
Келдингми яна??
4.11.2020 й
